QR ko'd:
Ijtimoiy tarmoqlar ulashish

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли Зирҳли техникаларни таъмирлаш заводининг ишлаб чиқариш базасида Т-64 русумли танк капитал таъмирдан ўтказилди ва у замонавий талаблар асосида модернизация қилинди.

Хусусан, Т-64 танкининг 5ТДФ двигатели трансмиссияси билан биргаликда “V” симон В-84 двигателга алмаштирилиб, унинг қуввати 140 от кучига оширилди ва барча табиий иқлим шароитларда ҳаракатланиши учун мослаштирилди.

Шунингдек, экипаж шахсий таркиби соғлигини асраш мақсадида танкнинг ҳимоя қобиғи қўшимча зирҳ, панжара ва динамик ҳимоя қутилари билан кучайтирилди. Алоқа воситалари замонавий, яъни мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган “Hytera” бренди остидаги рақамли радиоалоқа воситаларига алмаштирилди. Модернизация қилинган Т-64MV танки буюртмачи синовидан муваффақиятли ўтди.

Синов якунига кўра, Т-64MV танки техник тавсифлари, шу жумладан двигатель қуввати, табиий тўсиқлардан ўтувчанлиги ва отиш қобилияти каби кўрсаткичлар бўйича Т-72 русумли танкдан қолишмаслигини кўрсатди. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мавжуд Т-64 танкларни Т-64MV танки даражасигача модернизация қилишни йўлга қўйиш ва қўшинларни Т-64MV танклари билан қайта қуроллантириш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ривожланган давлатлар ҳам янги танк сотиб олиш ўрнига ўз қўшинларидаги мавжуд танкларини модернизация қилиш тамойилини илгари сурмоқда.